Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон иккинчи халқаро энергетика форуми доирасида “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU2023”, “Энергетика, энергияни тежаш, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan – 2023” халқаро кўргазмалари ўз ишини бошлади.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон иккинчи халқаро энергетика форуми маҳаллий ва хорижлик экспертларнинг  ёқилғи-энергетика соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Унда Австрия, Озарбайжон, Арманистон, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Дания, Испания, Италия, Қозоғистон, Нидерландия, БАА, Хитой каби 24 давлатдан 50 нафар маърузачи ва 500 нафардан ортиқ делегат иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, форум доирасида  “Яшил энергетика технологиялари – GETCA 2023” ихтисослаштирилган бўлимида глобал миқёсда тоза ва барқарор энергия масалалари ҳақида сўз юритилади.

Айни пайтда “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU2023” халқаро кўргазмаси ва “Энергетика, энергияни тежаш, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan – 2023” халқаро кўргазмасида 22 давлатдан 270 дан ортиқ компания ва корхоналар ўз имкониятларини намойиш этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва «Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори –“ICA Eurasia” ҳамкорлигида ташкил  этилмоқда.

Ўзбекистон иккинчи халқаро энергетика форумининг расмий очилиши эртага, яъни 19 май куни соат 11:00 да бўлиб ўтади.


Насиба Зиёдуллаева,  

Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА