АОКАда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида балиқчилик соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги тармоқларига шу жумладан, балиқчилик тармоғига ҳам ҳукумат даражасида катта эътибор қаратиб келинмоқда.
Хусусан, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди. Буларнинг ижросини таъминлаш асосида соҳага кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилди, янги инновацион ва интенсив технологиялар кириб кела бошлади.
Натижада хорижий давлатлар, жумладан, балиқчилик тармоғи ривожланган Вьетнам, Хитой, Эрон, Венгрия, Туркия, Россия ва бошқа давлатлар технологиялари республикада жорий этила бошланди.
Биргина ўтган 2022 йилнинг ўзида балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, балиқ етиштириш ҳажмини ошириш, янги инновацион технологияларни жорий этиш, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда республикада балиқ турлари хилма-хиллигини оширишга йўналтирилган бир қатор ишлар амалга оширилди.
Ўтган йилда умумий қиймати 1,1 триллион сўм бўлган 290 та янги балиқчилик лойиҳалари амалга оширилиб, 3 минг 250 та янги иш ўрни яратилди. Жорий йил I чораги давомида 65 та лойиҳага 240 миллиард сўм молиялаштирилди ҳамда 23 та ҳудудий лойиҳа ишга туширилди. Натижада 200 та янги иш ўринлари яратилди.
Аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш мақсадида республика бўйича ҳозирги кунда 3,1 минг хонадонда интенсив усулда балиқ етиштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, жорий йилда балиқ личинкаларини ишлаб чиқарувчи 7 та инкубация цехи ҳамда балиқ чавоқларини етиштирувчи 300 гектар репродуктор ҳавзалар барпо этилади.
Омухта ем ишлаб чиқарувчи 3 та корхона ва балиқни қайта ишловчи 5 та корхона ишга туширилади. Юқоридаги ишларни тизимли ташкил этиш ҳисобига йил якунига қадар 800 минг тонна балиқ етиштириш режалаштирилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА