Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган “Tashkent Law Spring” III халқаро юридик форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқулов Озарбайжон Республикаси адлия вазири Фикрет Мамедов билан учрашди.
Учрашувда томонлар икки давлат ўртасидаги тизимли ва самарали мулоқотлар туфайли Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани, амалий мазмун билан бойиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Икки давлат адлия вазирликлари ўртасида мавжуд муносабатларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ва Озарбайжон Адлия вазирликлари ўртасида 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.
Дастур доирасида томонлар адлия ва ҳуқуқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш соҳасида ҳамда адлия органларида инновациялар ва АКТни жорий этишда доимий равишда тажриба алмашиб бориш мақсадида ўзаро амалий ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олди.
Бундан ташқари, ҳужжатда юристларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда суд экспертизаси соҳаларида томонларнинг тегишли муассасалари ўртасида англашув меморандумларни имзолаш орқали ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ўз аксини топди.
Н.Абдураимова, ЎзА