Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қирқ учинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, сектор ва соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияда жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи  округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар билан округ сайлов комиссия таркиби бўйича қарор қабул қилинди.

Шунингдек, 11 май куни ҳудудларда энергия таъминоти ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида, электр тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, жорий йилда қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, корхона, хонадон ва ижтимоий объектларда 1 минг 200 мегаваттли қуёш панелларини ўрнатиш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Ш.Даўлетияров ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлиқ тизимини давлат-хусусий шериклик асосида модернизациялаш, электр энергияси ва табиий газни узатишда технологик чиқиндиларни камайтириш, куз-қиш мавзумида электр ва газ тармоқларини капитал таъмирлаш каби қатор чора-тадбирлар ҳақида сўз борди.

Сессия кун тартибида шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси юзасидан “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон филиали раҳбарларининг ахбороти, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси,  нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 2021-2022 йилларда амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА