Бугунги кунда мамлакатимиз таълим тизимида статистик кадрлар кўникмаларини ривожлантириш, ёшлар ўртасида таҳлилий фикрлаш қобилиятини шакллантириш, уларнинг олган билимларини амалиётда қўллашга йўналтириш, шунингдек, иқтисодий фанлардан иборат замонавий таълим стандартлари ва сифат жиҳатидан янги ўқитиш тизимини такомиллаштириб бориш, айниқса, хорижий давлатларнинг соҳага оид илғор тажриба ҳамда илмий-тадқиқот ютуқларини айирбошлаш, халқаро статистика ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш долзарб аҳамиятга эга бўлмоқда.
Шулардан келиб чиқиб, ушбу йўналишдаги амалий натижа сифатида, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Статистика қўмитаси ҳамкорлигида жорий йилнинг 15-19 май кунлари Москва шаҳрининг Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетида илк бор I-Халқаро талабалар статистика фестивали доирасида Статистика бўйича талабалар халқаро олимпиадаси ташкил этилиб, унда Ўзбекистондан иккита жамоа иштирок этмоқда.
Мазкур тадбир ўтказишдан кўзланган асосий мақсад соҳа учун малакали кадрларни шакллантириб бориш, статистиканинг мавқеини янада мустаҳкамлаш ҳамда халқаро талабалар илмий ҳамкорлигини янада ривожлантиришдир. Ушбу фестивалда Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Россия, Беларус ва Ўзбекистон жамоалари уч босқичли танловдан ўтадилар. Бундан ташқари, фестиваль доирасида, статистика соҳасидаги бошқа давлатларнинг ОТМ ва илмий тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш назарда тутилган.
Ўйлаймизки, статистика бўйича республика даражасида ҳам кўп босқичли талабалар олимпиадалари анъанасини тиклаш, шу каби халқаро олимпидалар учун иқтидорли талабаларни танлаб олиш ва улар билан манзилли ишлаш учун замин яратади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти талабаларининг амалий кўникмаларини ривожлантириш, статистик методология ва амалиётини чуқурроқ ўрганишлари учун зарур шарт-шароитларни яратмоқда ва ёшларни келгусида ҳам қўллаб-қувватлашни давом эттиради.
Отабек Қаҳҳоров, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Статистика агентлигининг КМО ва СТИ проректори, и.ф.д., проф.