Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида профессор-ўқитувчи ва ходимлар иштирокида “Мустаҳкам оила – жамият таянчи” шиори остида кўрик-танлов ўтказилди.
Тадбир филиал профессор-ўқитувчилари ва ходимлари орасида оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ушбу йўналишда қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳияти, шу орқали ходимларнинг оилага бўлган муносабатини янада яхшилаш, жамиятда барчага ўрнак бўла оладиган оила бўлишга интилиши учун шароит яратиш мақсадида ташкил этилди.
Кўрик-танловда профессор-ўқитувчилар ва ходимлар уч жамоага бўлинган ҳолда мантиқий ва қизиқарли савол-жавоблар, пантомимика, мақолларни давом эттириш каби қизиқарли шартлар асосида ўз билимини синовдан ўтказди. Айниқса, оиладаги бахтни чиройли жумла билан тасвирлаб бериш шартида ҳар бир иштирокчи унинг муқаддас қўрғон эканлигини яна бир марта чуқур ҳис қилган ҳолда, эзгу орзу-умидлари, ширин хотиралари билан ўртоқлашди.
Байрамона руҳда ўтган танловнинг якунида жамоалар муносиб тақдирланди. Жумладан, ўқитувчилардан ташкил топган “Омадлилар” жамоасига “Энг зукко оила вакиллари”, ходимлар ва ўқитувчиларнинг “Зиёлилар” жамоасига “Энг намунали оила”, бўлим раҳбарларидан ташкил топган “Раҳбарлар” жамоасига эса “Энг ёш лидер оила” номинацияси ғолиблиги берилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири