Ўзбекистон дзюдоси тарихида илк бор катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 4 та медални қўлга киритган терма жамоамиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов бошчилигидаги мутасаддилар, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакат дзюдо федерацияси вакиллари, спортчиларнинг оила аъзолари ҳамда кенг спорт жамоатчилиги 52 килограммда Диёра Келдиёрова ва 60 кило оғирликда Дилшодбек Баратовнинг кумуш медалга эга чиқиши, Муроджон Йўлдошев ва Алишер Юсуповнинг ўз вазнларида жаҳон чемпионатининг совриндори бўлиши Ўзбекистон спортида янги саҳифа очганлигини эътироф этишди.
Жаҳон чемпионати якунига кўра, эълон қилинган Олимпия ўйинлари рейтингида Алишер Юсупов +100 килограмм вазн тоифасида пешқадамга айланди. 15 нафар дзюдочимиз «Париж-2024» Олимпиадасига йўлланма берувчи поғонага кўтарилгани юртимиз спортчилари тўрт йиллик ўйинлар остонасига ишончли одим ташлаётганидан далолат.
Т.Рўзиев,
ЎзА