13 май куни Қатар пойтахти Доҳада дзюдо бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг яккалик баҳслари поёнига етди. 14 май куни жамоавий баҳслар бошланади.

100 га яқин давлат терма жамоалари иштирокида ўтказилаётган чемпионат кутилмаган натижаларга бойлиги билан ажралиб турди.
«Париж–2024» Олимпиадасининг муҳим рейтинг очколарини тақдим этадиган бу галги жаҳон чемпионатида Давлат Бобоновсиз қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари биронта ҳам олтин медални қўлга киритмаган бўлса-да, муносиб иштирок этди, дейиш мумкин.
Эркаклар ва аёллар ўртасидаги 7 тадан вазндаги беллашувларда жаҳоннинг 657 нафар кучли дзюдочиси билан кураш олиб борган ҳамюртларимиз якунда 2 та кумуш ҳамда 2 та бронза медалига эга чиқди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Дилшодбек Баротов 60 кило оғирликда ва Диёра Келдиёрова аёллар ўртасида 52 килограмм вазнда кумуш медалларини қўлга киритган бўлса, 73 кило вазнда баҳс олиб борган Муроджон Йўлдошев, +100 килограммда дунё зўрлари билан беллашган Алишер Юсупов бронза медалларига мушарраф бўлди.
Истеъдодли дзюдочимиз Алишер Юсупов 13 май куни 1/2 финал беллашувида Халқаро дзюдо федерацияси байроғи остида кураш олиб борган россиялик Инол Тасоев билан рўбарў келди. Кичик ҳисобда имкониятни бой берган Алишер бронза медали учун даъвогарлик қиладиган бўлди. Агар у ярим финалда ғалаба қозонганида, чемпионлик йўлида уч карра Олимпиада, ўн карра жаҳон чемпиони бўлган франциялик Тедди Ринерга қарши баҳс юритиш ҳуқуқига эга бўларди.
Алишер учинчи ўрин учун кечган мураккаб курашда япониялик Кокоро Кагеура тўсиғини муносиб енгиб ўтиб, жаҳон чемпионатида Ўзбекистон байроғини юксалтиришга эришди.

Худди шунингдек, чемпионат совриндорлари қаторидан жой олиб, Ватанимиз номини улуғлаган Диёра Келдиёрова, Дилшодбек Баротов ва Муроджон Йўлдошевга ҳам олтин медаллар довонидаги шиддатли беллашувларда бироз омад етишмади.
Яккалик баҳслар сарҳисобига кўра, умумжамоада Япония, Франция, Грузия, Исроил ва Канада терма жамоалари пешқадамликка эришган бўлса, ўзбекистонлик дзюдочилар жамоаси 99 та давлат орасида саккизинчи ўринни эгаллади. Чемпионатда 21 та давлат вакиллари у ёки бу даражадаги ўринларни олишган вазиятда 78 та мамлакат терма жамоаси биронта ҳам совринли ўринни банд эта олмади.
14 май куни жамоалар ўртасидаги жаҳон чемпионати беллашувлари ташкил этилади.
Унда Халқаро дзюдо федерацияси рейтингида кучли 20 таликдан жой олган 18 та давлат жамоалари жаҳон чемпионлиги йўлида тўртта гуруҳга бўлинган ҳолда курашади.

Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси “В” гуруҳида Нидерландия, Куба ва Россия жамоалари билан жой олишган. Терма жамоамиз аъзолари илк баҳсни мусобақада IJF байроғи остида иштирок этаётган Россия жамоасига қарши ўтказади. Ҳамюртларимиз россияликлар қарама-қаршилигини етгиб ўтса, Нидерландия–Куба жуфтлигининг омадлиси билан гуруҳ ғолибини аниқлайди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили пойтахтимизда дзюдо бўйича ўтган жаҳон биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси 2 та олтин медаль билан умумжамоа ҳисобида 82 та давлат орасида учинчи ўринни эгаллаганди.


Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА