Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида конкур ва от йўрттириш бўйича ўтаётган “Eurasia league Bishkek 2023” мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари олтин ва кумуш медалларни қўлга киритди.
Халқаро турнирнинг Гран-при йўналишида қатнашган ҳамюртимиз Хуршидбек Алимжонов тулпорида 150 см баландликдаги тўсиқлардан сакраш дастуридаги масофани жарима очколарсиз босиб ўтиб, энг юқори натижани қайд этди.
Иккинчи ўрин “Бозарт Де Руэт” отида иштирок этган Аъзам Толиббоевга насиб этган бўлса, Рината Галимова (Қирғизистон) кучли учликни якунлаб берди.
Мазкур турнирда қатнашган терма жамоамиз аъзоларидан Бекзод Қурбонов ва Нуржан Туякбаев кейинги поғоналардан жой олди, дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.
Т.Рўзиев,
ЎзА