Нукус шаҳридаги Республика ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабида гандбол бўйича эркаклар жамоалари ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтмоқда.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазири вазифасини вақтинча бажарувчи А.Алланазаров, Ўзбекистон гандбол федерацияси бош котиби И.Матхалиқов, Нукус шаҳридаги Республика ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаби директори Д.Қалхоразов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда спортни, шу жумладан, гандболни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Мамлакатимизда барча спорт турлари сингари гандбол ҳам оммавийлашиб, ушбу спорт тури билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларнинг сафи тобора ошиб бораётгани қайд этилди. Шунинг натижасида, мамлакатимиз спортчилари халқаро мусобақаларда ҳам совринли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Мусобақанинг дастлабки куни Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК), Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти жамоалари ғалаба қозонди.

Ўзбекистон кубоги мусобақаси ғолиби 11 май куни аниқланади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА