ФОТОРЕПОРТАЖ
Аввал хабар берганимиздек, пойтахтимиздаги кўп тармоқли “Humo arena” спорт мажмуасида бокс бўйича жаҳон чемпионати cаралаш баҳслари давом этмоқда.
Бугун биринчи бўлиб ҳамюртимиз Руслан Абдуллаев (-63.5 кг) рингга кўтарилди. Унинг рақиби Пуэрто-Рико вакили Мануэль Фебус. Ғоят қизғин ва муросасиз курашларга бой бўлган учрашувда вакилимиз 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Боксчимиз кейинги босқичда Олер Ибарраче (Испания) ва Дмитри Галагот (Молдова) ўртасидаги баҳс ғолиби билан жанг қилади.
-86 кг вазн тоифасида бўлган яна бир боксчимиз Шоҳжаҳон Абдуллаев Эркин Адилбек уулу (Қирғизистон) билан рингда рўбарў келди. Беллашувни тўла устунлигида ўтказган Шоҳжаҳон кейинги босқич сари дадил қадам ташлади. Баҳс якунида барча ҳакамлар қирғизистонлик Эркин Адилбек уулуга қарши курашган Абдуллаевнинг ғалабасини тасдиқлашди.
Бугун кечки дастурда яна бир спортчимиз баҳсга киришади: – 80 кгда саралаш жанги: Жасурбек Йўлдошев – Юнес Немочи (Жазоир).
Жаҳон чемпионати баҳслари 14 майга қадар давом этади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА