Швейцария ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг БМТ бош қароргоҳини Женева ёки Венага кўчириш таклифига муносабат билдирди, деб ёзмоқда РБК нашри.
“Халқаро институтлар тизимини ўзгартириш ҳақидаги қарорларни қабул қилишдан аввал, уларни синчковлик билан ишлаб чиқиш керак”, – деди Швейцария ташқи ишлар вазирлиги департаменти вакили Паола Черезетти мазкур нашрга берган итервьюсида.
Швейцария БМТ тизимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётганига қарамай, бу каби қарорларни қабул қилишда унинг самарали фаолият кўрсатиши ҳақида чуқур ўйлаб кўриш керак, деб ҳисоблайди, дея таъкидлаган Черезетти.
Россия ташқи ишлар вазирлиги халқаро ташкилотлар департаменти директори Петр Ильичев душанба куни Москва БМТ бош қароргоҳини Нью-Йоркда эмас балки, “янада бетараф нуқтада” жойлашишини маъқул кўради, масалан Венада” – деб айтган эди. Венада Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) ёки Женевада БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлик бошқармаси жойлашган.
Россия апрелда БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилади. Шу боис Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров душанба куни БМТ бош қароргоҳига етиб келган.