Вена шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Одам савдосига қарши курашиш бўйича альянсининг 23-конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда ЕХҲТга аъзо давлатлар вакиллари иштирок этди. Очилиш маросимида ЕХҲТнинг  Бош котиби Ҳ.Шмид, Шимолий Македония ташқи ишлар вазири, ЕХҲТнинг раиси Б. Османи, Буюк Британия собиқ Бош вазири, ҳозирда ушбу давлатнинг парламенти аъзоси Т.Мэй, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмитаси раиси Р.Алимов ва БМТ Бош котибининг махсус вакили П.Паттен мавзуга оид маърузаларини тақдим этди.

Сенат қўмитаси раиси Р.Алимов ўз сўзида мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда, хусусан,  инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўналишида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилганига тўхталиб ўтди. Одам савдоси долзарб аҳамият касб этиб,  ушбу иллатга қарши курашишда халқаро ҳамжамият томонидан тизимли ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон  мазкур иллатга қарши курашишда соҳада институтционал, ташкилий-хуқуқий ва халқаро хамкорликни такомиллаштириш йўналишида тизимли ишларни амалга оширмоқда ва аниқ натижаларга эришмоқда. Бу борада 2019 йилда ташкил этилган Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий ва ҳудудий комиссиялар, шунингдек, ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институти таъсис этилган.

Ўзбекистонда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиянинг самарали фаолияти туфайли ушбу йўналишда қатор ижобий натижаларга эришилди.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан кейинги йилларда Ўзбекистонда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар юксак эътироф этилди.

Одам савдосига қарши курашиш, соҳага халқаро стандартларни жорий этишда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар кооординатори билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан одам савдосига қарши курашишда минтақавий ва халқаро ҳаракатларни такомиллаштириш юзасидан янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш зарурати таъкидланди.

Н.Абдураимова, ЎзА