Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган Жаҳон кубогининг навбатдаги босқичида Ўзбекистон терма жамоаси 2 та бронза медалига сазовор бўлди.
Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Эътиборли жиҳати, ҳар иккита медални маҳоратли спортчимиз Тахмина Икромова қўлга киритди. Ҳамюртимиз қизиқарли баҳслар давомида тўп ва тасмадаги машқларда шоҳсупага кўтарилди.
Тўп билан ўтказилган машқларда олтин медаль германиялик Дарья Варфоломеевга, кумуш медаль болгариялик Ева Брезалиевага насиб этди.
Тасмадаги машқларда эса Икромовадан олдинги ўринлар Болгария терма жамоаси аъзоларига тегишли бўлди.
Т.Рўзиев, ЎзА