ФОТОРЕПОРТАЖ
Евроосиё лигасининг Гран-при дастури чавандозларимизнинг ғалабаси билан якунланди. Шу билан пойтахтимизда давом этаётган конкур бўйича “Eurasia league Tashkent 2023” турнирининг биринчи босқичи ўз ниҳоясига етди.
Мусобақанинг сўнгги кунида спортчилар асосий йўналиш бўлмиш Гран-при дастурида баҳс олиб борди. Қувонарлиси, баландлиги 150 сантиметрни ташкил этган тўсиқлардан сакраш йўналишида барча совринли ўринлар ҳамюртларимизга насиб этди. Беллашувлар якунида олтин медални тажрибали чавандозимиз Бекзод Қурбонов қўлга киритди. “Мatts V.G.” лақабли тулпорида иштирок этган Қурбонов масофани 90.93 сония ичида жарима очколарисиз босиб ўтишга муваффақ бўлди.
1. Бекзод Қурбонов (Ўзбекистон) – “Мatts V.G.” (лақабли от)
2. Саидамирхон Турғунбоев (Ўзбекистон) – “Calleko”
3. Нуржан Туякбаев (Ўзбекистон) – “Quintus HB”
Қайд этиш жоиз, мусобақанинг яна икки босқичи бор. Агар 3 босқичда ҳам юртдошларимиз ғалаба қозона олишса, яна бир бор келаси йили ўтадиган Жаҳон кубогининг финал босқичига йўлланма олишади.
Мусобақанинг навбатдаги 2-босқичи ҳам пойтахтимизда бўлиб ўтади. Беллашувлар жорий йилнинг 27-30 апрель кунлари ўтказилиши режалаштирилган.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА