Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала ҳамда мазкур ташкилотнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Эймон Гилмор билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ҳамда истиқболлари, жумладан, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Меҳмонларга Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, меҳнат муносабатлари соҳасидаги жараёнлар, Олий Мажлис ва Ёшлар парламенти фаолияти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Янги Ўзбекистон барпо этишда мамлакатда кечаётган муҳим сиёсий жараёнларда, хусусан, конституциявий ислоҳотларда, шунингдек, демократик янгиланиш ва ўзгаришларда парламентнинг ўрни алоҳида эътироф этилди.
Сенат Раиси Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан асосий халқаро ҳамкор сифатида ўзаро манфаатли шерикликни изчил ривожлантиришдан, бунда ўзаро муносабатларнинг барча йўналишларини қамраб олиш учун биргаликда ҳаракат қилишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Ўз навбатида, Европа Иттифоқи вакиллари Ўзбекистонда кейинги йилларда жамият ҳаётининг барча соҳаларида кечаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар изчиллигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, уларнинг жамият ва оиладаги мавқеини мустаҳкамлаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилгани алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунлари бўйича қамрови жиҳатидан кенгайиб бораётган икки томонлама мулоқотни амалий мазмун билан янада бойитишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА