Халқаро бокс ассоциацияси Тошкентда эркаклар ўртасида ўтказиладиган Жаҳон чемпионатида иштирок этиши кутилаётган номдор боксчилар рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатдан қозоғистонлик Сакен Бибосинов(51), япониялик Томоя Субои(54), франциялик Софян Омиха(60), кубалик Еонлис Эрнандес(75) ҳамда Хулио Ла Круз (92), озарбайжонлик Лорен Алфонсо(86) каби боксчилар ўрин олган.

Ўзбекистон бокс федерациясидан маълум қилишларича, мазкур Жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган боксчилар рўйхати яқин кунларда эълон қилинади. Терма жамоамиз таркибидан Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов сингари чарм қўлқоп усталари жой олиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги «Ҳумо» арена спорт саройида бўладиган Жаҳон чемпионати мусобақалари жорий йилнинг 30 апрель-14 май кунлари ташкил этилади.

Т.Рўзиев, ЎзА