Миллий матбуот марказида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизимидаги «Ўзбек-Турк тест маркази» томонидан «Республикамизда ишлаб чиқарилаётган енгил саноат маҳсулотларининг сифати ва экспорт имкониятлари»га бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда сертификатлаштириш тизимини янада такомиллаштириш ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Турк стандартлари институти (TSE) иштирокида янги замонавий стандартлар талабларига жавоб берувчи «Ўзбек-Турк» қўшма корхонаси ташкил этилган.

Ҳозирги кунда корхонада маҳсулотларни сертификатлаштириш идораси (СИ), сифатни бошқариш тизимларини сертификатлаштириш идораси, синов лабораториялари мажмуаси (СЛМ) фаолият юритиб келмоқда.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, маҳсулотларни сертификатлаштириш идораси томонидан енгил саноат, электротехника каби маҳсулот турлари сертификатлаштирилмоқда.

Сифатни бошқариш тизимларини сертификатлаштириш идораси Халқаро аккредитатлаш форуми (IAF) аъзоси ҳисобланган Туркиянинг аккредитатлаш ташкилоти (ТУРКАК) томонидан халқаро аккредитациядан ўтказилган. 2015 йилда аккредитация гувоҳномасига эга бўлган. Ҳозирда идора томонидан ISO 9001:2015 халқаро стандартига мувофиқ сифат тизимларини сертификатлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Шаҳноза Маматуропова,ЎзА