Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда «Вақф» хайрия жамоат фонди раҳбари вазифасини бажарувчи Зиёвуддин Мирсодиқов соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.

Қайд этилишича, ўтган ҳафта давомида республикамиз бўйлаб 393 та оилага 69 миллион 90 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий кўмакка муҳтож 48 нафар фуқарога 56 миллион 300 минг сўмлик пул маблағлари тарқатилди ҳамда 910 нафардан ортиқ ҳамюртларимиз учун ифторлик дастурхонлари ёзилди.

Рамазон ойининг учинчи ҳафтаси давомида фонд томонидан аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатлами, диний соҳа ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари талабалари учун  жами 382 миллион 100 минг сўмлик хайрия ишлари амалга оширилди.

Умумий ҳисобда Рамазон ойи бошидан бугунга қадар 1 минг 25 та оилага 178 миллион 820 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 97 нафар фуқарога 123 миллион 900 минг сўмлик пул маблағлари хайрия қилиниб, 2 минг 110 нафардан ортиқ ҳамюртларимиз учун ифторлик дастурхонлари ёзилди. Ой давомида жами 715 миллион 930 минг сўмлик хайрия ишлари амалга оширилди.

Ўтган ҳафта давомида саховатпеша ҳамюртларимиз томонидан фондга жами 466 миллион 70 минг сўм миқдоридаги закот, хайрия ва эҳсонлар келиб тушди. Муборак ой бошидан бугунга қадар эса 1 миллиард 238 миллион 460 минг сўм қабул қилинди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА