Амалий ҳамкорликни кенгайтириш, кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш, инновациялар ва илғор технологияларни жорий қилиш масалалари ҳамда Ўзбекистон-Туркия кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг бошқа жиҳатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни Туркия Республикаси саноат ва технологиялар вазири Мустафо Варанк бошчилигидаги делегация билан ўтказган учрашув кун тартибидан ўрин олди.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг топшириғига биноан мамлакатимизга келган делегация ташрифининг мақсади – «Togg» бренди остида ишлаб чиқарилган биринчи миллий электромобилни намойиш этиш ва топшириш.

Давлатимиз раҳбари икки томонлама ҳамкорликда бугунги жадал суръатни, барча даражаларда ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашганини алоҳида мамнуният билан қайд этди.

Бунга мисол тариқасида товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бораётгани, устувор тармоқларда бир қатор йирик инвестиция лойиҳалари биргаликда амалга оширилаётгани, мамлакатларимиз ўртасида мунтазам авиақатновлар кўпайгани таъкидланди.

Туркиянинг етакчи компанияларини қўшма, шу жумладан автомобиль саноатидаги лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш орқали саноат кооперациясини ривожлантириш учун кенг имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди.

Олий даражадаги Стратегик шериклик кенгашининг навбатдаги йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш, жумладан, истиқболли лойиҳалар портфелини шакллантириш ва узоқ муддатли саноат дастурини қабул қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида «Togg» электромобилининг тақдимоти бўлиб ўтди. Вазир Мустафо Варанк автотранспорт воситасининг техник кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумот бериб, унинг калитини тантанали равишда топширди.

Мамлакатимиз етакчиси миннатдорлик билдириб, Туркия Президенти ва халқини машинасозлик тармоғида эришилган улкан муваффақият – электромобилларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани билан дилдан қутлади.

Давлатимиз раҳбари Туркияда биринчилардан бўлиб ишлаб чиқарилган ушбу электромобиль рулига ўтириб, уни ҳайдаб кўрди.