Спорт курашлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Қозоғистонда ўтаётган Осиё чемпионатининг учинчи кунида яна бир медалга сазовор бўлди.
– 50 килограмм вазн тоифасида иштирок этган ҳамюртимиз Жасмина Иммаева кумуш медаль соҳибига айланди.
Ҳамюртимиз дастлаб Йи Ченни (Хитой Таипейи) 10:0, ярим финалда эса Миран Чеонни (Жанубий Корея) 8:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Жасмина Иммаева финалда 2021 йилги жаҳон чемпиони япониялик Ремина Яшимото билан беллашди. Афсуски, баҳс кунчиқар юрт вакилининг ғалабаси билан якунланди ва Иммаева иккинчи ўрин билан чекланди. Бу курашчимиз учун қитъа биринчилигидаги учинчи медаль бўлди, – дейилади Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатининг иккинчи кунида – 67 килограмм вазн тоифасида барча рақибларни мағлуб этган Аброр Отабоев олтин медаль билан тақдирланган эди.
Осиё чемпионатининг биринчи кунида эса Ўзбекистон терма жамоаси 1 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлган.
Жумладан, – 63 килограмм вазннинг финалида курашган Шермуҳаммад Шарибжонов эронлик Имрон Муҳаммадига имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан кифояланган, Ихтиёр Ботиров (- 55 килограмм) ҳамда Жалгасбай Бердимуратов (- 87 килограмм) бронза медали учун кечган баҳсни муваффақиятли якунлаб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олишганди.
ЎзА