Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда айтилган таклиф ва ташаббуслар бўйича ёшларга оид давлат сиёсатини самарали ташкил этишга қаратилган “Янги Ўзбекистон ёшлари” дастури ишлаб чиқилади.

Дастурда ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, бандлигини таъминлаш, уларни IT, хорижий тил, замонавий касбларга ўқитиш, спортга жалб қилиш, хориждаги ёшлар билан ишлаш, миллий ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари назарда тутилади.

Дастурда соҳада эришиладиган аниқ мақсадли индикаторлар белгиланади.

– Ёшлар билан ишлаш барча раҳбарларнинг, кенг жамоатчиликнинг, бутун жамиятимизнинг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади, – деди давлатимиз раҳбари.

Президент бу борада парламент вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, сиёсий партиялар, зиёлилар, нуронийлар, маҳалла фаолларини ҳам қаттиқ бел боғлаб, ёшлар тарбияси, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш билан астойдил шуғулланишга чақирди.

Йиғилиш давомида ҳудуд ва соҳа раҳбарларининг ахбороти тингланди.

ЎзА