Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон Республикасидаги илк олий таълим муассасаси Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг 90 йиллигига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Унда республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мутасаддилари, хорижий давлатлардан меҳмонлар, шунингдек, республикадаги илғор олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари олимлари, профессорлар, нуроний устозлар, институт профессор-ўқитувчилари ва талабалари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир институт тарихи, бугунги ютуқлари, жамоанинг илмий-педагогик йўналишда амалга ошираётган ишларининг кўргазмаси билан бошланди. Иштирокчиларга олий таълим муассасаси ҳаётидан тайёрланган видеофильм намойиш этилди.
Анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини педагогика институтининг ташкил этилганига 90 йиллиги билан муборакбод этди ҳамда ушбу даргоҳда кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, илм-фан, таълим ва ёшлар тарбиясида ўз вазифаларини фидокорона бажариб келаётган бир гуруҳ педагог ходимларга фахрий унвон ва кўкрак нишонларини топширди.
Институт мамлакатимизнинг ҳақиқий маънодаги илм-фан, таълим, маърифат марказига айланди. Бу ерда дастлабки йилларда бир йиллик ҳамда икки йиллик ўқув курсларида таҳсил олган ёшлар аҳолининг саводхонлик даражасини ошириб, уларни ёруғ ҳаётга йўналтиришда бор куч-ғайратини, билим ва тажрибасини сафарбар қилди. Шу билан бирга, институт битирувчилари халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилиб, республикамизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшди.
Институтда ўқиб билим олган битирувчилар орасидан Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Алланияз Ўтениязов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов, Хива шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи” директори бўлиб ишлаган Вера Пак, машҳур археолог олим Ғайратдин Хўжаниёзовга давлатимизнинг энг олий даражадаги “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон илм-фанининг ривожига катта ҳисса қўшган академиклар Марат Нурмуҳаммедов, Сабир Камалов, Амин Бахиев, Жуманазар Базарбаев, Ҳусниддин Ҳамидов ва Абатбай Даўлетов ушбу даргоҳда таълим олганлиги институт жамоаси учун катта фахр бағишлайди.
Педагогика институти битирувчилари қорақалпоқ халқининг иқтисодий ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшиб, давлат бошқарувида катта муваффақиятларга эришган бўлса, Хожамберген Ембергенов, Бердибай Қурбанов ҳамда Қаллибек Камалов Меҳнат қаҳрамони унвонига сазовор бўлди.
Ўтган асрнинг 80 йилларидан бошлаб республикадаги таълим муассасалари учун олий маълумотли педагог кадрларга бўлган талаб ортиб, бунинг натижасида, 1990 йилга келиб мамлакатимизда педагогика институтини қайта ташкил этиш масаласи кун тартибига кўтарилди. 1990 йил июль ойида Нукус давлат педагогика институти ташкил этилди. Мустақиллик йилларида институт нафақат Қорақалпоғистон, шу билан бирга, мамлакатимиз вилоятлари, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг халқ таълими тизимига юқори билим ва кўникмаларга эга педагог кадрлар тайёрлайдиган илм-фан ва таълим марказига айланди.
Ҳозирда институтда 11 факультет, 2 бўлим, 32 та кафедра бўлиб, жами 26 та бакалавр таълим йўналиши ва 19 та магистратура мутахассислигида 17 минг нафардан зиёд ёшлар таълим олмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 сентябрдаги қарори асосида Элликқалъа тумани ва унга яқин ҳудудларда истиқомат қиладиган талабаларнинг билим олиши, Қорақалпоғистоннинг жанубий туманлари ҳамда Хоразм, Бухоро вилоятлари учун педагог кадрлар тайёрлаш мақсадида институтнинг Элликқалъа педагогика факультети ташкил этилди.
Албатта, бундай эътибор натижасида институт профессор-ўқитувчиларининг илмий даражаси ва салоҳияти ошиб, илмий-педагогик ишларда юқори кўрсаткичларга эришган бўлса, талабалар ўртасида илм-фан, таълим, адабиёт, санъат, маданият, спорт ҳамда бошқа соҳаларда халқаро ва республика даражасида катта муваффақиятларни қўлга киритган ёшлар сони ортди. Бугунги кунда педагогика институтида 600 нафарга яқин тажрибали профессор-ўқитувчи талабаларга таълим-тарбия бермоқда. Улардан 231 нафар ўқитувчи илмий даражага эга.
Давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами арафасида таълим муассасасининг янги ўқув биносининг фойдаланишга топширилиши нафақат институт жамоаси учун, балки бутун Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси учун байрамга муносиб туҳфа бўлди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори ҳамда ғамхўрлиги натижасида давлат бюджети ҳисобидан 76 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 2 минг ўринлик янги ўқув биносининг фойдаланишга топширилиши, шу билан бирга, моддий-техник базани такомиллаштириш мақсадида ўқув бинолари таъмирланиб, янги лабораториялар, спорт мажмуалари ҳамда талабалар турар жойларининг қурилаётганлиги Оролбўйидаги илк таълим муассасасининг 90 йиллик тўйига, шу билан бирга, таълим муассасасига номи берилган буюк мумтоз шоиримиз Ажиниёз Қўсибой ўғлининг 200 йиллигига муносиб совға бўлди.
Янги ўқув биносида замонавий ўқув ва маъруза аудиториялари, энг сўнгги техника ва технологиялар билан жиҳозланган лабораториялар, IT-инкубация, ахборот-ресурс марказлари, бу йилги ўқув йилидан бошлаб барча олий таълим муассасаларида жорий этилаётган регистратор офиси ҳамда бошқа кўпгина имкониятлар яратилган.
Институтда таълим сифатини ошириш, кадрлар тайёрлашнинг янги усулларини жорий этиш мақсадида халқаро нуфузли олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари билан самарали алоқалар ўрнатилди. Бугунги кунда дунёнинг “ТОП-1000”лик рўйхатига кирувчи 62 та, шундан QS (Quacquarelli Symonds World University Ranks), THE (Times Higher Education) ҳамда ARWU (The Academic Ranking of World Universities) халқаро рейтингларидан жой олган 15 та олий таълим муассасаси билан шартнома ва меморандумлар тузилган. Мазкур шартномалар асосида ўтган йил давомида институтнинг 50 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилари хорижий давлатлардаги олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказларига ўз малакаларини ошириш, семинар ўтиш, илмий анжуманларда иштирок этиш, маъруза ўқиш мақсадида илмий стажировкаларга юборилган бўлса, дунёнинг “ТОП-1000”лик рўйхатига кирувчи олий таълим муассасаларидан 14 профессор-ўқитувчи ва мутахассис институтнинг илмий-педагогик фаолиятига жалб қилинди.
Анжуман иштирокчиларига институтнинг “Тўмарис” халқ ансамбли ҳамда иқтидорли талабалари, шунингдек, санъат усталарининг ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА.