Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳа доирасида кўчат экиш акциялари ташкил этилиб, ўқув юрти ҳудуди яшил майдонга айлантирилмоқда. Жумладан, қайрағоч, катальпа, тут, жийда, арча, мевали ва манзарали ниҳоллар экилмоқда.
Барча кўнгилли талаба-ёшлар уюшқоқлик билан 200 тупга яқин мевали ва манзарали ниҳолларни ўтқаздилар. Шунингдек, ҳамжиҳатликда ариқ ва йўлаклар чиқиндилардан тозаланди. Шу тарзда ёшлар фаоллик кўрсатиб, филиал ҳудудида яшил майдон барпо этилишига ўзларининг эзгу ҳиссаларини қўшди.
Шу кунга қадар филиал жамоаси ва талаба-ёшлар умуммиллий ҳаракат доирасида амалга оширилаётган акцияларда фаол иштирок этиб келишмоқда. Жумладан, жорий йил баҳор мавсумида филиал ва унга бириктирилган ҳудудларда 8 минг тупга яқин мевали ва манзарали кўчат ўтқазилди. Албатта, бундай эзгу ишлар давом эттирилиб, жорий йил куз мавсумида жами 7 минг туп дарахт ва бута кўчатини экиш режалаштирилган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.