Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги соҳа вакилларидан иборат делегация Россия Федерацияси Сочи шаҳрида бўлиб ўтган “Россия мева ва сабзавотлари – 2024” VI йиллик форумида иштирок этди.
Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган форумнинг асосий мавзулари мева етиштиришнинг истиқболлари, муаммолари ва амалий масалалари, очиқ майдонда сабзавот етиштириш бозорининг ҳолати, унинг ривожланиши ва салоҳияти, шунингдек, картошка етиштириш тармоғи бўлди. Бундан ташқари, иштирокчилар боғларни муҳофаза қилишда инновацион ечимлар, сабзавот ва меваларни қайта ишлаш, картошкачиликнинг амалий масалалари, картошка ва сабзавотларни қайта ишлаш ва сотиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Икки кун давом этган тадбирда бизнес тузилмалари вакиллари ва соҳа экспертлари билан учрашувлар, мунозаралар ва давра суҳбатлари, мева-сабзавот соҳаси амалиётчилари, молия тузилмалари ва чакана савдо тармоқлари вакилларининг чиқишлари ташкил этилди. Ўсимликларни ҳимоя қилиш замонавий воситалари ва ускуналарини қўллаш натижалари намойиш қилинди.
Форум доирасида Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Козиев Россияда мева-сабзавотчилик йўналишида фаолият юритиб келаётган соҳа мутахассислари, тадбиркорлар, экспортёр-импортёр корхоналар вакиллари ҳамда илмий тадқиқотчилар билан учрашиб, қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш ва ишлаб чиқаришни инновацион ривожлантиришда ўзаро тажриба алмашиб, бу борада ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш, озиқ-овқат соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш бўйича фикр алмашдилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири