Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Маданият вазирлиги томонидан 2024 йилдаги ишлар сарҳисоби ҳамда 2025 йилдаги истиқболли режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжумани аввалида маданият вазири Озодбек Назарбеков 2024 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига ҳисобот берди.
Жумладан, театрларда 10 минг 479 та спектакль намойиш этилиб, ушбу томошаларга 3,6 миллион нафар томошабин ташриф буюргани, шунингдек, “Ўзбекцирк” томонидан 556 та цирк томошалари ўтказилиб, уларга 150 минг нафар томошабин ташриф буюргани маълум қилинди.
Концерт-томоша йўналишида 2024 йилда 72 минг 55 та концерт-томоша тадбирлари ташкил этилиб, 10 миллион 37 минг 200 нафар аҳоли қамраб олинди.
Мамлакатимиздаги 837 та маданият марказлари томонидан жорий йилда жами 26 мингдан ортиқ маданий-маърифий ва концерт-томоша дастурлари ташкил этилиб, 2,5 миллион нафар томошабин жалб этилган.
Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти фаолияти йўлга қўйилиб, номоддий маданий мерос намуналарини тадқиқ этиш мақсадида 13 та маҳаллий ва 1 та хорижий фольклор экспедициялар ташкил этилди ва 250 га яқин номоддий маданий мерос намуналарининг дастлабки ҳужжатлари тайёрланди. Интернет ва ижтимоий тармоқларда тарғиб этишга оид 50 та аудиовизуал асар яратилди. Шунингдек, “Рубоб ясаш ва ижрочилик анъаналари” билан боғлиқ номоддий маданий мерос намунаси ЮНЕСКОнинг халқаро репрезентатив рўйхатига киритилди.
Миллатлараро муносабатлар йўналишида 6 та янги “Ўзбекистон-Беларусь”, “Ўзбекистон-Испания”, “Ўзбекистон-Канада”, “Ўзбекистон-Шимолий Македония”, “Ўзбекистон-Чехия”, “Ўзбекистон-Ўмон Султонлиги” дўстлик жамиятлари ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 42 тага етказилди.
9 та давлат – Хитой, Озарбайжон, Қатар, Тожикистон, Буюк Британия, Грузия, Қозоғистон, Туркманистон, Россияда “Ўзбекистон маданият кунлари” маданий тадбирлари юқори савияда ўтказилди, 4 та давлат Озарбайжон, Мўғулистон, Қирғиз Республикаси, Қатарнинг маданият кунлари Ўзбекистонда юқори савияда ўтказилди. Беларусь, Тожикистон, Россия, Туркия, Корея, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Озарбайжон билан Aнглашув меморандумлари ва ҳамкорлик дастурлари имзоланди.
Шунингдек, “Инсон қадри учун” тамойили асосида 35 нафар маданият ва санъат ходимларига Тошкент шаҳри Яшнобод туманидан 35 та янги турар жойлар топширилди.
Aнжуманда вазирлик раҳбарияти томонидан 2025 йилдаги режалар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, театрлар томонидан намойиш этиладиган спектаклларга 3,8 миллион ҳамда маданий тадбирлар ва фестивалларга 10,2 миллион томошабин жалб этилади.
Халқаро бахшичилик санъати фестивали, “III Халқаро ҳунармандчилик фестивали”, “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали, Халқаро театр фестиваллари ўтказилади.
Республика аския санъати марказига янги спектаклларни саҳналаштириш ва аския ва қизиқчилик йўналишида 5 та асарга давлат буюртмаси берилади. 20 та маданият ва санъат муассасалари давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилади. Маданият ва санъат тизимидаги олий таълим муассасаларининг илмий даражали ва унвонли кадрлар сони қўшимча 30 нафарга кўпайтирилади.
Маданият вазирлиги тасарруфидаги 325 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфидаги умумтаълим мактабларининг мусиқа маданияти фани бўйича таянч таълим муассасаси сифатида белгиланади. 7 турдаги миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этишни ўргатиш бўйича қўшимча адабиётлар, ноталар ва видеодарслар ишлаб чиқилади.
Ҳар бир туман ва шаҳарларда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда миллий ва замонавий чолғу ансамблларининг ҳисобот концертлари бюджетдан ташқари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан йўлга қўйилади. Болалар мусиқа ва санъат мактабларида фаолият юритаётган олий маълумотли ўқитувчилар 55 фоизга етказилади.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, “Тирик тарих” туркумидаги 54 та фильмлардан 20 яқини ишлаб чиқаришга туширилади. Aгентлик ҳузурида Ўзбекистон халқаро киноакадемияси фаолияти йўлга қўйилади. Эркин иқтисодий киноҳудудлар ташкил қилиш чора-тадбирлари амалга оширилади. Шунингдек, 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан “Дўстлик” фестивали, 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб “Бағрикенглик” ҳафталиги ўтказилади.
10 дан ортиқ давлатда “Ўзбекистон маданият кунлари” маданий тадбирлари ўтказилади. 5 та давлатнинг маданият кунлари Ўзбекистонда ўтказилади. 10 та давлатда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллигига бағишлаб маданий тадбирлар ташкил этилади. 10 дан ортиқ хорижий давлатлар билан Aнглашув меморандумлари ва ҳамкорлик дастурлари имзоланади.
Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Н.Усмонова тайёрлади,
ЎзА