“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвони таъсис этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида мукаммал тизим шаклланди. Ўтган давр мобайнида соҳада 30 дан ортиқ қонунлар, 300 га яқин қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.
Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси изчил давом эттирилмоқда. Қўшни мамлакатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга киришилди.
Республика миқёсида 10 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида экология, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссиялар тузилган. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида 100 дан ортиқ экологик нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда.

Атроф муҳитни муҳофаза қилишда жамоатчилик иштироки фаоллашди. Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тизими йўлга қўйилди. Ушбу соҳада 40 мингдан ортиқ ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Умуман, соҳага 300 мингдан ортиқ мутахассислар, олим ва жамоатчилик вакиллари жалб этилган.
Юртимизда 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди.
Мажлисда Экопартия етакчиси ва бошқа депутатлар сўз олиб, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларида фидокорона меҳнат қилаётган соҳа фидойилари ва барча фаолларнинг атроф-муҳитни асраш борасидаги фаолиятини рағбатлантиришга, тармоқнинг нуфузини оширишга хизмат қилишини қайд этди.
Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА