Америкалик тадбиркор, ҳукумат самарадорлиги бўйича янги департамент (DOGE)нинг бўлажак раҳбарларидан бири Илон Маск 2030 йилга бориб сунъий интеллект (СИ) ер юзидаги мавжуд барча одамларга тегишли ҳар қандай ақл-заковатдан ўзиб кетишига кафолат берди.

– 2025 йил охирига келиб сунъий интеллект ҳар қандай одамнинг ақл-заковатидан ошиб кетиши эҳтимоли ортиб боряпти, – деб ёзган Маск ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – 2027-2028 йиллари барча одамлар идроки йиғиндиси ҳам СИ имкониятига ета олмайди. 2030 йилга келиб бу устунлик 100 фоизни ташкил қилади. Компьютер инсоният келажагини белгилайди ва шундай давом этаверади. Технология аллақачон келажакни бошқармоқда.

Аввалроқ Илон Маск келгусида робот ва сунъий интеллект одамга ҳар қандай товар ва хизматни тақдим эта олиши, меҳнат қилиш инсоннинг севимли машғулоти, яъни эрмагига айланишини айтган эди. Шу билан бирга у СИ ривожланишига бироз хавотир билан қараётганини ҳам яширмай, бундай эҳтимолий таҳдид ҳақида бир неча бор гапирган. Масалан, сунъий идрокни “сиёсий ҳушёрликка” ўргатиш хавфидан огоҳлантириб, бундай СИ бағрикенгликни тарғиб этиш ўрнига “турли мақсадларга йўналтириши” мумкинлигини таъкидлаган.

– Сунъий интеллектнинг тараққиёт учун фойдали томони кўплигига қарамай, инсониятга нисбатан хавфи ҳам бор, – дейди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.

Ўтган ёзда у СИ инсоният учун экзистенциал хавф келтириши, давлатлар кеч бўлмасдан бу тизимни тартибга солишлари кераклигидан огоҳлантирган эди.

С.Раҳимов,ЎзА