“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунга кўра, гендер – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳатидир.

Бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан, гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгилаш – жинс бўйича билвосита камситиш ҳисобланади.

Шу боис, қонунийлик, демократизм, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик, очиқлик ва шаффофлик каби принципларга риоя этиш даркор.

“Гендер зўравонлик билан боғлиқ суд жараёнларини ёритишда нималарга эътибор бериш керак?” мавзусида ташкил этилган семинар-тренингда шу ҳақда гап борди.

Олий суд, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-West Management Institute” (EWMI) нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган семинар-тренинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультантларининг ишини ташкил этиш, уларнинг билими ва кўникмаларини ошириш, уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўтказилмоқда.

Олий суднинг Жамоатчилик билан алоқалар маркази бошлиғи Азиз Обидов мамлакатимизда гендер масаласи давлат сиёсатига чиққанини қайд этди. Бу мавзуни, гендер тенгсизлик муаммоси, оилавий зўравонлик билан боғлиқ масалалар оммавий ахборот воситаларида ёритилишида айрим муаммолар йўқ эмас. Бу  мавзуларни қонунларга риоя этган ҳолда ёритишда судлардаги ахборот хизматлари ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис, уларнинг бу борадаги билими, тажрибасини ошириш учун мазкур тадбир ташкил этилди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Акрамжон Фозилов гендер, зўравонлик билан боғлиқ мавзуни медиа майдонда ёритишда  айрим муаммолар учраб тураётганини таъкидлади. Айрим онлайн нашрларда шундай сарлавҳалар қўйиладики, зўравонлик қурбони бўлган аёл айбдор қилиб кўрсатилади. Аслида бу жараёнда қонунчиликда белгиланган тамойилларга риоя этиш зарур. Биринчидан, шахсий маълумотлар дахлсизлигини унутмаслик керак. Қолаверса, журналист холисликни ҳеч қачон унутмаслиги шарт. Бу каби мавзулар тўғри ёритилишида судлар ахборот хизматларининг ўрни катта. Шу нуқтаи назардан, бугунги семинарнинг аҳамияти катта.

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот хизматлари билан ишлаш ва тезкор муносабатларни ташкил этиш бўлими бошлиғи – гендер масалалари бўйича масъул вакил Садоқат Асланова ахборот хизматлари ахборотни қандай тарқатса, шу ахборот талқини ҳам шундай бўлишига эътибор қаратди.

Семинарда гендер бўйича тренинглар мавзу бўйича қонунчилик, мавзуни ёритишда эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар ҳақида иштирокчиларга маълумот бермоқда.

Норгул Абдураимова,  

ЎзА