Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Германия Федератив Республикаси Ҳукумати билан молиявий ҳамкорликда Ўзбекистонда касбий таълимни қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Германия Федератив Республикаси “KfW” банкининг гранти асосида 7 та касбий кўникмалар марказларини қуриш-монтаж қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилади.

Қарор билан “Ўзбекистонда касб-ҳунар таълимини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасининг техник-иқтисодий йиғма параметрлари тасдиқланди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ушбу лойиҳага ажратиладиган грантдан мақсадли фойдаланиш ва уни самарали амалга оширишга масъул ижрочи ҳисобланади.

Лойиҳага киритилган объектларда қурилиш-монтаж ишларини молиялаштириш, шунингдек, асбоб-ускуналар билан таъминлаш харажатлари Германия Федератив Республикаси “KfW” банкининг грантлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бу, меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш, шунингдек, Германия Федератив Республикаси Ҳукумати билан молиявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, касб-ҳунарга ўқитиш марказларини таъмирлаш, жиҳозлаш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш имконини беради.

Маълумот учун:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳамда Германия Федератив Республикасининг “Kreditanstalt fiir Wiederaufbau” банки ўртасида 2023 йил 8 ноябрда имзоланган “Ўзбекистонда касб-ҳунар таълимини қўллаб-қувватлаш” грант келишувида 5 йил муддатда 16 млн евро миқдорида грант ажратилиши белгиланган эди.

ЎзА