Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, соҳа фидойилари ва фахрийларини байрам билан табриклади.
Таъкидланганидек, соҳа ходимларининг жамоат тартиби ва осойишталигини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга ошираётган фидокорона хизматлари доимо қадрланади ва алоҳида эъзозланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, соҳани инсонпарвар ва халқчил тизимга айлантириш, очиқлик ва шаффофлик муҳитини кучайтириш, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш масалаларига давлат даражасида эътибор қаратилмоқда.
Соҳа ходимлари ўз вазифасини эмин-эркин бажариш йўлида аҳолининг тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини сақлаш каби кўплаб йўналишлар бўйича эзгу ишлар олиб бормоқда.
Байрам тадбирида шундай масъулиятли вазифаларни бажариб келаётган бир гуруҳ соҳа вакиллари ва фахрийлар Жўқорғи Кенгес Президиуми қарори билан кўкрак нишонлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан янада файзли бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.