Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) жорий йил 30 апрель-14 май кунлари пойтахтимиз Тошкентда бокс бўйича катталар ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун талабнома тақдим этган давлатлар ва спортчилар сонини эълон қилди.
Унга кўра, юртимизда илк бор ташкил этилаётган нуфузли мусобақада 104 та мамлакатдан 640 нафардан ортиқ спортчилар Тошкентда ўтадиган бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган.
Рўйхатдан ўтган боксчиларнинг 7 нафари амалдаги жаҳон чемпионлари, 20 нафардан зиёди Олимпия ўйинлари совриндорлари эканлиги назарда тутилса, мусобақалар ҳар жиҳатдан шиддатли ўтиши шубҳасиз.
Тошкент рингида жаҳон чемпионлиги учун франциялик Софиан Омиха, енгил ва ярим ўрта вазнда тенгсиз эканлигини кўрсатиб келаётган япониялик Томоя Тсубои ва Севон Оказава, оғир вазнда асли кубалик ҳозирда Озарбайжон шарафини ҳимоя қилаётган Лорен Алфонсо, қозоғистонлик Сакен Бибосинов ва кубаликлар Ёенлис Эрнандес, Хулио Сезар Ла Круз ва бошқалар жанг олиб бориши кутилмоқда.
Жаҳон чемпионати талабномаларини қабул қилиш ишлари 14 апрелга қадар давом этишини инобатга оладиган бўлсак, яна кўплаб номдор боксчилар Тошкент рингларида кўриниш бериши эҳтимолдан йироқ эмас.
Дунё бокс ихлосмандларининг нигоҳини Тошкентга қаратадиган жаҳон чемпионатида олтин медаль соҳиби бўлганлар 200 000, кумуш медални қўлга киритганлар 100 000 ва бронза медаль эгалари 50 000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот билан тақдирланади.
Чемпионатнинг умумий мукофот жамғармаси Халқаро бокс ассоциацияси томонидан 2,5 миллион АҚШ доллари этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро олимпия қўмитаси, Халқаро бокс федерацияси Россия-Украина уруши теграсидаги қарама-қаршиликлар сабаб 12 та мамлакат қатнашмаслигини маълум қилган. Булар АҚШ, Полша, Швейцария, Германия, Норвегия, Буюк Британия, Нидерландия, Ирландия, Чехия, Швеция, Канада, Украина.
Т. Рўзиев, ЎзА