Мамлакатимизда жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган сиёсий жараён «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни бўйича референдумга тайёргарлик кўриш ишлари қизғин паллага кириб бормоқда. Мазкур жараёнларнинг очиқ ва ошкора ўтишида халқаро ва маҳаллий кузатувчилар институтининг ўрни муҳим.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик Ташкилотининг  Демократик институтлари ва инсон ҳуқуқлари бюросидан узоқ муддатли кузатувчилар Питер Уолберг (Швеция) ва Ирмели Мария Виено (Финландия) Қорақалпоғистонга ташриф буюрди. Улар Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округига келиб, комиссия фаолияти билан яқиндан танишди.




Халқаро кузатувчилар округ комиссияси раиси У.Жалменов ва  комиссия аъзолари билан учрашди. Учрашув давомида меҳмонларга референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотлар берилди.



Хусусан, Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Республикаси референдумини 1-Қорақалпоғистон округи фаолият юритаётгани ҳамда унинг ҳудудида 653 участка тузилганлиги, тегишли тартибда мазкур участкаларга 7 минг 931 нафар комиссия аъзолари тасдиқлангани барча ҳудудларда сиёсий жараёнган календар режага мувофиқ тайёргарлик ишлари давом қилаётгани айтиб ўтилди.

Учрашувда халқаро кузатувчилар референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиялари аъзоларига қўйиладиган талаблар, уларнинг тажрибаларини ошириш мақсадида ташкил қилинган ўқув семинарлари, участкаларда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар учун яратилган шароитлар, муддатидан олдин овоз бериш тартиби, овоз берувчиларнинг электрон рўйхатини тузиш каби масалалар билан қизиқди ва саволларига тўлиқ жавоблар олди.

Шунингдек, кузатувчилар округ комиссияси Матбуот марказида яратилган шароитлар билан ҳам яқиндан танишди.

А. Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси