Спорт курашлари бўйича Қозоғистон мезбонлик қилаётган Осиё чемпионатининг иккинчи куни Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли ўтди.

– 67 килограмм вазн тоифасида барча рақибларни мағлуб этган Аброр Атабоев олтин медални қўлга киритди.

А. Отабоев саралашда Фируз Мирзаражабов (Тожикистон), Хансу Рю (Жанубий Корея) ва Алмат Кебиспаев (Қозоғистон)ни доғда қолдирди.

Ҳамюртимиз финалда япониялик Кётаро Собагега ҳам ҳеч қандай имконият қолдирмади. Бу 21 ёшли курашчимизнинг катталар ўртасидаги қитъа биринчилигида эришган биринчи чемпионлиги.

Остона шаҳрида ўтаётган спорт курашлари бўйича Осиё чемпионатининг биринчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлган эди.

Жумладан, – 63 килограмм вазннинг финалида курашган Шермуҳаммад Шарибжонов эронлик Имрон Муҳаммадига имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан кифояланган, Ихтиёр Ботиров (- 55 килограмм) ҳамда Жалгасбай Бердимуратов (- 87 килограмм) бронза медали учун кечган баҳсни муваффақиятли якунлаб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олишганди, – дейилади Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

ЎзА