Наманганда аёллар ўртасида волейбол бўйича ХХХ-мамлакат чемпионати олий лига ўйинларининг учинчи босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон волейбол федерацияси томонидан Республика Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг йиллик мусобақалар тақвим режасига асосан ўтказилган ушбу беллашувларда Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Фарғона, Жиззах ва Хоразм вилоятларидан 6 та жамоа ўзаро куч синашди.

Эътиборлиси, чемпионатнинг аввалги – биринчи ва иккинчи босқичларида рақобатчиларини ортда қолдириб, ғолибликни қўлга киритган Наманган давлат университети жамоаси бу сафар ҳам зафар нашидасини сурди.

“Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради”, деганларидек мухлисларнинг қўллаб-қувватлови мезбонларнинг шижоатли ва чиройли ўйин намойиш этишига чинакам қанот бўлди. Қолаверса, Осиё чемпионатида қатнашиб, катта тажриба тўплаган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Эъзоза Сотиволдиева, Дилноза Боймирзаева, Нозима Жамолова каби иқтидор соҳибларининг “НамДУ” жамоаси таркибида фаол ўйин кўрсатгани муваффақиятга туртки берди.

Илҳомжон Эгамбердиев бош мураббийлиги остидаги “НамДУ” жамоаси учинчи тур ўйинларида Фарғона вилоятининг “Тўмарис” жамоасини 3:0, Жиззах давлат педагогика институти жамоасини 3:2, Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани “БЎСМ” жамоасини 3:0, Хоразм вилоятининг “Хоразм” жамоасини 3:0 ва Нукус педагогика институти волейболчиларини 3:1 ҳисобларида енгиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Нукус педагогика институти жамоаси фахрли иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, бор маҳоратини ишга солган Жиззах давлат педагогика институти волейболчи хотин-қизларига учинчи ўрин насиб этди.

Ўзбекистон чемпионатининг навбатдаги тўртинчи тур ўйинлари жорий йилнинг май ойида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида бўлиб ўтади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА