АҚШнинг Омаха шаҳрида от спорти турлари бўйича Жаҳон кубогининг финал мусобақаларида барча ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Конкур дастурида “Ланселотта” лақабли тулпорида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Нуржон Туякбоев мусобақада дунёнинг энг кучли чавандозлари билан баҳс юритди.

Жаҳон кубогида ҳамюртимиз Туякбоев дунё рейтингида энг юқори ўринларни эгаллаб келаётган 19 давлатнинг 41 нафар чавандози орасида биринчи бор иштирок этишига қарамасдан 15 нафардан зиёд жаҳон чемпионати ва олимпия ўйинлари ғолиблари, совриндорлари билан саралаш баҳсларида мардонавор курашди ва финал йўлланмасини қўлга критди.

Кеча поёнига етган финал баҳсида Нуржон медаллар учун кураш олиб борди ва жаҳон чемпионатини 40 нафардан ортиқ чавандоз орасида кучли йигирматаликда якунлади.

Кутилганидек, конкур йўналишида Халқаро от спорти рейтингида биринчи ўринда бораётган швециялик Хенрик Вон Экерман жаҳон кубоги ғолибига айланди. Иккинчи ўрин 2016 йилги дунё биринчилиги кумуш медаль соҳиби нидерландиялик Гарри Смолдерсга насиб этди. Кучли учликка АҚШ вакили Хантер Холлоувей якун ясади.

Жаҳон кубогида умумий медаллар жамғаришда 5 та олтин, 2 тадан кумуш ва бронза медалига сазовор бўлган Германия терма жамоаси 1-ўринни эгаллади. 1 та олтин медалга эга чиққан Швеция вакиллари 2-ўрин ҳамда 2 та кумуш медалли бўлган Нидерландия терма жамоаси 3-ўриндан жой олди.

Халқаро от спорти федерациясининг рейтинг очколарини тақдим этган ҳамда «Париж-2024» Олимпиадасига тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлган Жаҳон кубоги мусобақаларида терма жамоамиз аъзоси Нуржон Туякбоев гарчи совринли ўринларни эгалламаган бўлса-да, XXI аср от спорти тарихида Марказий Осиё мамлакатлари вакиллари орасида илк бор Жаҳон кубогида ўз тулпори билан қатнашган спортчи сифатида эътироф этиладиган бўлди.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА