Хабар берганимиздек, Америка Қўшма Штатларининг Сан-Антонио шаҳрида профессионал бокс бўйича ўтказилган қизиқарли баҳсда ҳамюртларимиз Муроджон Аҳмадалиев ва Исроил Мадримов рингга кўтарилди.
Супер ярим ўрта вазн тоифасида 10 та жанг ўтказиб, 9 тасида ғалабага эришган Исроил Мадримов ўрта вазнда навбатдаги жангини ўтказди. Америкалик Рафаэл Игбокве билан 10 раундга мўлжалланган жанг тўлиқ давом этди ва ҳакамларнинг қарори билан ҳамюртимиз ғалаба қозонди.
Бокс кечасининг марказий баҳсларидан бирида истеъдодли боксчимиз Муроджон Аҳмадалиев филиппинлик Марлон Тапалесга қарши ҳимоя жангида иштирок этди.
Иккинчи енгил вазн тоифасида WBA ва IBF чемпионлик камарлари соҳиби Муроджон Аҳмадалиев навбатдаги ҳимоя жангида IBF чемпионлигини филиппинлик Марлон Тапалесдан ҳимоя қилди. 12 раундга белгиланган жанг тўлиқ давом этган учрашувда ҳакамлар қарори билан филиппинлик боксчига ютуқ тақдим этилди. Ҳакамларнинг икки нафари 115:113 ҳисоби билан Тапалес фойдасига қарор чиқарган бўлса, учинчи ҳакам 118:110 ҳисобида Муроджоннинг ғалабасини эътироф этди. Шу тарзда филиппинлик боксчи ҳамюртимизга тегишли профессионал бокснинг иккинчи енгил вазн тоифасидаги IBF чемпионлик камарини вақтинчалик қўлга киритди.
Муроджон ўзига тегишли камарни тез орада ўзига қайтариб олади, деган умиддамиз.
Т. Рўзиев, ЎзА