Яқинда Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида хоккей бўйича 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида Осиё-Океания чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон U-18 терма жамоаси бешта учрашувнинг барчасида ғалабага эришиб, чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди.

ЎзА мухбири ёш хоккейчиларимизнинг ушбу чемпионатдаги ғалабалари ҳамда Ўзбекистонда хоккейнинг ривожи хусусида Ўзбекистон терма жамоаси сардори Жасурбек Рустамхонов билан суҳбатлашди.

— Жасурбек, аввало ғалаба билан табриклаймиз. Сиз мусобақада 26 очко жамғариб, “Мусобақанинг энг яхши хоккейчиси” дея эътироф этилдингиз. Бундай муваффақиятни қўлга киритиш жараёни қандай кечди?

— Мусобақага мураббий кўрсатмалари асосида жиддий тайёргарлик кўрдик. Машғулотларни деярли ҳеч биримиз қолдирмадик. Кунимизнинг асосий қисми спорт мажмуасида ўтди. Ўйин бошида Туркманистонни 5:0 га ютдик. Илк ташлаган қадамимизнинг ғалаба билан якунланиши бизга янада кўпроқ куч-ғайрат бағишлади. Эронни 14:1 ҳисобида, Таиландни 10:2, БААни 8:1 кўринишида ютдик. Мўғулистон билан ўйинимиз анчагина қийин кечди. Уларнинг хоккейчилари жуда кучли экан. Аммо омад биз томонда бўлди, мўғулистонлик рақибларимизни 7:4 ҳисобида мағлуб этдик. Осиё-Океания чемпионатининг энг яхши хоккейчиси эканлигимдан хурсандман.

— Сиз майдонда қайси позицияда ўйнайсиз, вазифангиз нималардан иборат?  

— Марказий ҳимоячиман. Асосий вазифам тўпни қайтариш ва қайта ҳужумни таъминлаш, ҳимоя чизиғини ташкил қилишдан иборат.

— Аксарият йигитлар футбол ёки боксни, кўплари эса якка кураш спорт турларини танлашади. Хоккейни танлашингизга нима сабаб бўлган?  

— Ёшлигимда жуда кўп касал бўлганлигим сабабли ота-онам шу спорт турига беришган. Хоккейга боришни бошлагач, соғлиғим яхшиланган. Хоккей жамоавий ўйин бўлгани учун унда баҳсли вазиятлар жуда кўп бўлади. Жамоада кимдир хато қилса, бошқалар унинг камчилигини тузатиш учун ёрдам бериши, мисол учун голдан қутқариб қолиши мумкин. Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун деган шиор айнан хоккейга тегишли, назаримда.

— Юртимизда хоккей спорт турининг ривожланиш ҳолатига муносабатингиз қандай?  

— Бошқа спорт турлари каби юртимизда хоккейга катта эътибор қаратиляпти. Тошкент шаҳрида катта ва кичик ҳудудли муз майдонлари сони ортиб бормоқда. Самарқанд, Андижон вилоятларида ҳам замонавий муз майдонлари фаолият юритяпти. Мана шундай муз майдонлари кўпайтирилса, хоккейга бўлган қизиқувчилар сони янада ортиши шубҳасиз.

— Устозларингиз кимлар?  

— Тажрибали мураббийлар Абдумажид Носиров, Алишер Азимов, Артур Фахриддиновларни устозларим сифатида биламан. Ҳозир 15 ёшдаман. Ҳали мураббийларимдан хоккейнинг сир-синоатларини ўрганадиган жиҳатлар жуда кўп.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Жасурбек Рустамхонов жамоаси ҳамда мураббийлари билан Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилаётган U-16 Қозоғистон чемпионатида иштирок этмоқда.

Шу пайтгача ўтказилган “Астана” ва “Юность” жамоалари билан учрашувларда ҳамюртларимиз кичик ҳисобда имкониятни бой беришган бўлса, Иртыш жамоаси билан кечган ўйинда терма жамоамиз аъзолари 10:5 ҳисобида ғалабага эришди. 9 апрелгача давом этадиган биринчиликда юртимиз хоккейчиларига омад тилаймиз.

 

Нигора Раҳмонова суҳбатлашди,  

ЎзА