Қорақалпоғистон Республикасида жорий йил ҳосили учун чигит экиш ишлари давом этмоқда.

Оролбўйи туманларида 2023 йил ҳосили учун 15 та кластер корхонасига 86 минг 800 гектар майдонга чигит экиш режалаштирилмоқда. Чигит экиладиган майдонларда экиш олди шўр ювиш ишлари тўлиқ амалга оширилди. Шунингдек, 4400 тонна уруғлик чигитни тозалаш, дорилаш ишлари тўлиқ олиб борилди. Бундан ташқари, кластер корхоналарига қарашли 101 та чигит тарқатиш шохобчаси мавсумга тайёр ҳолатга келтирилди.

Чигит экиш ишларини тизимли олиб бориш мақсадида 249 та отряд ташкил этилиб, уларга 663 дона ҳайдов трактори, 2184 дона чопиқ трактори, 902 дона чигит экиш сеялкаси, 492 дона текислагич, 2 минг 706 нафар масъул бириктирилди. Шу билан бирга чигит экиш ишларини оптимал муддатларда амалга ошириш мақсадида кунлик графиклар ишлаб чиқилди. Бугунги кунда, 11 минг гектар майдон тайёрланиб, 10 минг 507 гектар майдонда чигит экилди.

Кегейли туманидаги “KEGEYLI-SHÍMBAY AGRO KLASTER” масъулияти чекланган жамиятида чигит экишга бағишланган кўргазмали амалий семинар ташкил этилди. Унда сектор раҳбарлари, соҳага масъул ташкилот ва корхоналар, пахта-тўқимачилик кластерлари бошлиқлари ва фермерлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, туман бўйича жорий йилда 197 та фермер хўжалиги томонидан 6 минг гектарга чигит экиш режалаштирилган. Туманда мавсумга пухта ҳозирлик кўрилиб, экиш отрядлари шакллантирилди. Уларга тажрибали қишлоқ хўжалиги мутахассислари жалб этилди.

Тадбирда чигит экишни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири