Давлатимиз раҳбари Яшнобод туманидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабнинг янги биноси қуриладиган майдонда қурилиш лойиҳаси билан танишди.
Мазкур мактаб биноси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қурилмоқда.
Қурилиш-монтаж ишлари “Юксак парвоз қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга ошириладиган мактаб 1 минг 470 ўқувчига мўлжалланган. Бундан ташқари, юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келиб ўқийдиган ўқувчилар учун 300 ўринли ётоқхона ҳам қурилади. Мактабда ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун барча шароит яратилади. Жумладан, мустақил ишлаши, қобилиятини ривожлантириши учун махсус ускуналар билан жиҳозланган қўшимча хоналар, аудиториялар, замонавий табиий фанлар лабораториялари, информатика хоналари, робототехника устахоналари ҳамда спорт майдончалари ҳамда сузиш ҳавзаси барпо этилади.
Шунингдек, ҳар бири 500 ўринга мўлжалланган фаоллар зали, ошхона ҳамда 20 минг китоб фондига эга кутубхона ўқувчилар ихтиёрида бўлади. Мактабга 110 нафар педагог ва тажрибали соҳа мутахассислари жалб этилади.
Мазкур ихтисослаштирилган мактабнинг ташкил этилиши мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш, ёшларни буюк аждодларимизга муносиб ворислар этиб тарбиялаш ва замон талабларига жавоб берадиган мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.
– Энг яхши мутахассислар тайёрлайдиган марказ шу ерда бўлади. Ушбу мактабга вилоятдан иқтидорли болаларни танлов асосида қабул қилиш лозим. Бу ерда шундай муҳит яратиш керак-ки, улар таълимни асосан электрон воситалар орқали олсин, – деди Президентимиз.