Оғир кунларда ҳар қандай давлат ва жамиятнинг энг муҳим эҳтиёжи, аввало, дўстларини ёнида кўришдир. 6 февраль куни Туркия халқи «Аср фалокати» деб номланган ва кетма-кет содир бўлган зилзилаларни бошидан ўтказди.

Зилзиладан жабрланганларга Туркия Республикаси, турк миллати ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бутун дунёдан, айниқса, Ўзбекистондан зарур кўмак берилди.

Зилзила содир бўлган биринчи кунданоқ Туркия барча ўзбек муассаса ва ташкилотлари ҳамда фуқароларининг, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг дўстлик ва биродарлик ҳамдардлигини, ижтимоий ёрдам ва қўллаб-қувватлашини катта ифтихор ва мамнуният билан тилга олмоқда.

Туркия Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси дўстлик, биродарлик, ёрдам ва кўмак кўрсатиб келаётган Ўзбекистонга рамзий маънода миннатдорлик билдириш мақсадида «Ташаккур қабул маросими»ни ташкил этди.

Тадбирда Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар жаноблари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

– Рўй берган зилзилалар оқибатида Туркия «Аср фалокатини» бошидан ўтказди. Бугунги кунгача 7 нафар ўзбек қардошимиз билан жами 47 475 кишини ушбу машъум фалокатда йўқотдик, – дейди элчи жаноблари, – Ўзбекистон давлати ва халқи тарихда ҳам бўлгани сингари, бу машъум фалокатдан сўнг ҳам, олижаноблигини намойиш этиб, бизни ёлғизлатиб қўймади. Даставвал Президент Мирзиёев, Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ташкилотларининг деярли барча юқори даражали раҳбарлари элчихонамизга ташриф буюриб, ҳамдардлик изҳор этганлари хотирадан ҳеч қачон ўчмайдиган бирдамлик тимсоли бўлди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистондан 6 февралдан 13 февралгача Туркиянинг Адана вилоятига қидирув-қутқарув, тиббиёт жамоалари ҳамда гуманитар ёрдамни ташувчи 6 та алоҳида рейс ташкил этилди. Бу рейслар орқали Туркияга етиб борган 100 кишидан иборат Ўзбекистон қидирув-қутқарув жамоаси Хатай вилоятида қутқариш ишларини бажарди.

– Зилзила хабари келиб тушган илк лаҳзаларданоқ элчихонамиз мувофиқлаштирувида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон–Туркия тадбиркорлари уюшмаси (UTID), Туркия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши, Мустақил саноатчи-тадбиркорлар кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси каби ташкилотлар қўшган ҳиссалар билан Тошкентда 3 та манзилда ашёвий ёрдамлар йиғилди, – дея сўзини давом эттирди элчи жаноблари, – Ўзбекистоннинг ҳар еридан сахий ўзбек қардошларимиз томонидан юборилган ёрдамлар 12 февралдан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати Сергели туманида ажратиб берган ИНДEКС омборида мувофиқлаштирилди.

Юз берган фалокатдан икки кун ўтиб, 8 февраль куни яна 71 кишилик тиббиёт ходими Туркиянинг Хатай вилоятида дала госпитали ўрнатиб, ярадорни даволашга киришди. Дала госпиталида 1 795 нафар эркак, 1 177 аёл ва 888 нафар болага, жами 3 860 нафар Туркия фуқаросига тиббий ёрдам кўрсатди. Шу билан бирга юртдошларимиз зилзила ҳудудларига бориб, ўзбек паловини пишириб, эҳтиёжмандларга тарқатди.

– Бундай оғир кунларда давлат ва жамиятларнинг энг муҳим эҳтиёжи дўстларини ёнида кўришдир. Туркия Республикаси ҳам шундай оғир дамда моддий ва ижтимоий ёрдамлардан ҳам кўпроқ дардига малҳам бўлган дўстларини кўрганидан жуда мамнун бўлди, – дейди тадбир иштирокчиси, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа.

Элчи жанобларининг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳаво йўллари, Турк ҳаво йўллари, MNG Kargo ва юк транспортлари орқали бугунгача Туркияга 674 тонна гуманитар ёрдам ашёлари етказиб берилган.

– Бугунги кунгача 644 000 АҚШ доллари миқдорида нақд маблағ мамлакатимизга юборилди. Маблағлар ҳамон келишда давом этмоқда. Биздан ёрдамини аямаган мутасаддиларга миннатдорлик изҳор этишни ўзимнинг бурчим деб биламан, – дейди ташкил этилган тадбирда Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА