Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Унда дастлаб «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида унинг бугунги кундаги зарурати, аҳамияти ва муҳимлигини эътиборга олиб, уни янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича бир қатор таклифлар берди. Лойиҳадаги айрим нормалар юзасидан кўплаб саволлар ўртага ташланди ва мутасаддилардан атрофлича жавоблар олинди.
Депутатларнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳаси крипто-активлар айланмаси соҳасини янада ривожлантириш ҳамда мазкур соҳада лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, йиғилишда «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар томонидан ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг манфаатдорлигини оширишга хизмат қилишини қайд этди.
Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида ишчи гуруҳ аъзолари, масъул қўмиталар томонидан амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳужжатда киритилаётган янги нормалар фермер хўжаликларининг эркин ва самарали фаолият юритишларига туртки бўлиши айтилди.
Муҳокамалардан сўнг кун тартибидаги қонун лойиҳалари маъқулланди.
М.Комилова, ЎзА