Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш жараёнида Сенат Раиси Танзила Норбоева конституциявий ислоҳотлар давлатимизнинг демократик ривожланиш йўлидаги қатъий иродаси эканини алоҳида таъкидлади.

Халқимиз манфаатларини тўлароқ таъминлашга оид нормалар миллий қонунчиликнинг такомиллашуви билан бир қаторда амалда хайрли ишлар кўлами ошишига хизмат қилади.

Таълим олиш ҳуқуқи ва ўқитувчилар Конституция ҳимоясида бўлиши, мажбурий меҳнат тақиқланишининг конституциявий кафолатлари белгиланиши, хусусий мулк дахлсизлиги кафолатланиши, ёшлар, болалар, аёллар ҳуқуқлари давлат ҳимояси остида бўлиши – бу чинакам демократик давлатга хос хусусиятлардир.

Сенаторлар лойиҳада аҳолимизнинг 18 миллиондан ортиғини ташкил этувчи ёшлар масаласига бағишланган алоҳида боб киритилаётгани муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидлади.

Фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар мустаҳкамланмоқда. Мажлисда ушбу конституциявий норма Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш, иқтисодиёт тармоқларининг ҳавога чиқарадиган зарарли газлар ҳажмини ялпи ички маҳсулот ҳисобида 10 фоизга қисқартириш каби мақсадларга эришиш учун пойдевор бўлиши алоҳида таъкидланди.

Шу муносабат билан сенаторлар фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсирини олдини олиш мақсадида давлат шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шароитлар яратади, деб таъкидлади.

Фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларига оид нормалар янада ривожлантирилмоқда. Конституциямизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатланмоқда. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш жавобгарликка сабаб бўлиши аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Мажлисда лойиҳадаги ушбу нормалар оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши учун кенг имконият яратиши қайд этилди.

Бу жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот мустаҳкамланиши, кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, юртимизда сўз ва ахборот эркинлигини янада юксалтириш учун замин ҳозирлайди.

Норгул Абдураимова, ЎзА