ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукусда Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан “Янги нафас” оммавий югуриш марафони бўлиб ўтди. Унда 7 ёшдан  70 ёшгача бўлган 5 мингга яқин иштирокчи қатнашди.

Мусобақа старти олдидан сўз олган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов йиғилганларни байрам билан самимий қутлаб, уларга омад тилади. Сўнг мусобақага старт берилди. Иштирокчилар Нукус шаҳридаги Аллаёр Дўстназаров ва Ислом Каримов кўчалари бўйлаб 3 километр масофани босиб ўтди.

Якуний натижаларга кўра аёллар ўртасида Гулноз Қурбонбоева фахрли биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Рашидбек Искандаров эркаклар ўртасида етакчи бўлди. Имконияти чекланган шахслар орасида Айнура Бобониёзова ҳамда  Иззат Рўзимбетов алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, бир қатор иштирокчилар турли номинациялар бўйича ҳам рағбатлантирилди.  Ғолиб ва совриндорларга медаль, диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбир доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги санъаткорлари ижросидаги концерт дастурлари ҳамда Нукус горнизони ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари иштирокчилар эътиборига намойиш этилди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА