Суд қарорлари ва бошқа ҳужжатлар ижроси ўз вақтида таъминланса, ҳақиқат қарор топади ёки кутилган натижага эришилади. Шу мақсадда Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилган.
Ижро тизими қандай ишламоқда? Сенат томонидан шу йўналишдаги ишлар аҳволи ўрганилди.
– Суд қарорлари ортида инсон манфаати ётибди, – дейди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров. – Шунинг учун ҳам улар ўз вақтида бажарилиши шарт. Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида ҳам ижро тизимини яхшилашга бежиз эътибор қаратилмади. Шу сабабли Сенатнинг тегишли қарори қабул қилиниб, қўмитамиз томонидан суд қарорлари ижросининг ҳолати ўрганилди.
Суд ҳужжатлари ижросини таъминлашга доир қатор ижобий ишлар амалга оширилган, албатта. Лекин камчиликлар йўқ эмас.
2021-2022 йиллар давомида ижрога қаратилган ҳужжатлардан 30 фоизининг ижроси таъминланмаган. Ҳужжатларнинг 12 фоизи муддати бузиб ижро қилинган. Ижроси таъминланмаган маъмурий судларнинг ҳужжатлари 2022 йилда олдинги йилга нисбатан 17 фоизга, фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ҳужжатлари 16 фоизга, жиноят ишлари бўйича судларнинг ҳужжатлари 13 фоизга, иқтисодий судларнинг ҳужжатлари 11 фоизга ошган.
Фуқароларни ишга тиклаш билан боғлиқ ижро ҳужжатларига ички ишлар, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, солиқ органлари, ҳокимликлар томонидан етарлича эътибор берилмаган. Мулкдор манфаатида компенсация пул маблағларини ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари айрим ҳокимликлар томонидан тўлиқ ижро этилмаган.
Бундан ташқари, ҳокимликлар томонидан юридик ва жисмоний шахслар фойдасига ундирув билан боғлиқ ҳужжатлар ижроси таъминланиши қониқарсиз даражада. 2022 йил давомида алимент пулларини ўз вақтида тўламаган айрим шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилмаган.
Ўрганиш якунлари қўмита аъзолари ва мутасаддилар билан биргаликда кўриб чиқилди. Суд қарорлари ижросини ўз вақтида ва сўзсиз таъминлаш кераклиги ва соҳага оид бошқа муаммолар ечимини ўзида акс эттирган қўмита қарори қабул қилинди.
Албатта, давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, ҳокимликлар ҳам ижро масаласида зиммасидаги масъулиятни етарли даражада бажариши шарт.
Н.Абдураимова,
ЎзА