Боку шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) катта лойиҳа директори Илка Старрост «Ўзбекистонда хусусий секторга кўмак ва иқтисодий сиёсатлар бўйича маслаҳатлар» лойиҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди.

БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP29) доирасида ўтказилган ушбу учрашувда лойиҳанинг жорий ҳолати ва келгуси режалари кўриб чиқилди.

Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра, 2023 йил декабрда Дубайда ўтказилган COP28 доирасида Германия томонидан ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 9 миллион евро грант ажратилган.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг халқаро иссиқхона газлари савдосида иштирокини таъминлаш ва Европа Иттифоқининг Трансчегаравий тартибга солиш механизми (CBAM) талабларига мослашувига ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, хусусий секторга ресурсларни тежаш ва барқарор ишлаб чиқариш учун «яшил» технологияларни татбиқ этиш, айланма иқтисодиёт ва «яшил» саноат парклари моделларини жорий қилишда кўмак берилади.

Учрашув якунида томонлар мазкур лойиҳага қўшимча равишда Германиядан 3 миллион евро миқдоридаги грант маблағини ажратиш тўғрисида меморандум имзолади.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА