“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида урбанизация даражасини 2030 йилга келиб 51 фоиздан 60 фоизга ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, ушбу стратегияда Самарқанд ва Наманган шаҳарларини “миллионлик шаҳарлар”га айлантириш, аҳолиси 300 мингдан кўп бўлган шаҳар ва туманлар сонини 28 тага етказиш ҳамда барча аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш мақсадлари қўйилган.
Айни шу талаблардан келиб чиқиб, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан мамлакатда урбанизация жараёнининг ривожланиш тенденциялари ўрганилди.
Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда урбанизация даражасининг ортишига аҳоли даромадларининг ошиши, олий маълумотли кадрларнинг кўпайиши ва уй-жойлар қурилиши ижобий таъсир кўрсатади.
Сўнгги 10 йилда Ўзбекистонда шаҳар ва қишлоқ аҳолиси сони 20,7 фоизга тенг суръатда ўсди. Бу даврда урбанизация даражаси 50-51 фоиз орасида сақланиб, Тошкент шаҳри инобатга олинмаса, ҳудудларда урбанизация даражаси 46-47 фоиз атрофида бўлди.
Тошкент шаҳрининг жозибадорлиги туфайли меҳнатга лаёқатли аҳолининг ушбу шаҳарга кўчиши ортиб бормоқда. Жумладан, Тошкентдаги доимий аҳолининг 64 фоизи ишга лаёқатли ёшдаги шахслардан иборат бўлса, ҳудудларда бу кўрсаткич 54 фоиздан ошмайди.
Тадқиқот хулосасида қайд этилганидек, юқори даромадли иш ўринлари яратиш, малакали кадрлар тайёрлаш даражасини ошириш, ижтимоий инфратузилмани такомиллаштириш ва ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш орқали урбанизация даражасини ошириш мумкин. Бу омиллар яшаш шароитларини яхшилашга ва урбанизация жараёнини ривожлантиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА