Қорақалпоғистон Республикаси Ишки ишлар вазирлиги ЙПХ инспектори С.А.нинг билдиргисига асосан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида инспекторга пора таклиф қилган шахс қўлга олинди.
Жумладан, фуқаро Ф. Ш. шу йилнинг 6-март куни қудаси У. Д. томонидан “Нексия-2” русумли автомашинасини спиртли ичимлик таъсирида бошқариб, автомашина жарима майдончасига қуйилган ҳолати юзасидан тўпланган материалларни судга юбормасдан, олиб чиқиб бериш эвазига пора таклиф қилади. ЙПХ инспектори С.А.га 2 миллион сўмни бераётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА