Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов тумани “Еркиндарья” овул фуқаролар йиғини ҳудудида қурилиши режалаштирилган янги санаторияга тамал тоши қўйиш маросими бўлди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Бўзатов туманида аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш, асосийси, уларнинг саломатлигини тиклаш бўйича кўпгина амалий ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан туманда санатория қуриш бўйича вазифа белгилаб олинган эди.

Бўзатов ўзининг бетакрор табиати ва қалин ўрмонзорлари билан ном чиқарган гўзал масканлардан бири ҳисобланади. Бу ерда истиқомат қилувчи инсонларга кўрсатилаётган меҳр ва эътибор натижасида ушбу табиат инъомларидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун фойдаланиш  имконияти яратилмоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ажратилган 124 миллиард сўм маблағ эвазига қурилиши режалаштирилган санатория 200 кишига мўлжалланган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги санаторияни келгуси йилнинг иккинчи чорагида фойдаланишга топшириш белгиланган.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА