Ўзбекистонда 181 нафар аёл судья фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 26 нафари раҳбар судьялик лавозимига тайинланган. Энг муҳими, суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар ўзларининг юксак билими, ақл-заковати билан жамиятда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Халқаро аёл судьялар куни муносабати билан Тошкентда «Аёл судьяларнинг одил судловни таъминлашдаги ҳиссаси» мавзуида ташкил этилган халқаро конференцияда шу ҳақда сўз юритилди.

Олий суд, Судьялар олий кенгаши, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-west management institute” НТТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли анжуманда мамлакатимизда фаолият юритаётган аёл судьялар билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова ва Сербия давлатларидан ҳам аёл судьялар иштирок этди.

Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров тадбирни очар экан, иштирокчиларни Халқаро аёл судьялар куни билан табриклади.

Тадбирда Сенат Раиси Танзила Норбоеванинг конференция иштирокчиларига йўллаган видеомурожаати намойиш этилди.

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Демократия ва бошқарув офиси директори Фэй Хаселкорн ва Аёл судьялар халқаро ассоциацияси президенти Сюзан Глейзбрук тадбирнинг аҳамияти ва унда муҳокама этиладиган мавзуларнинг долзарблиги хусусида тўхталиб ўтди.

Суд тизимида аёлларнинг ҳиссасини ошириш нафақат хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, балки қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш учун ҳам зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистонда ислоҳотларнинг янги босқичи айнан суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу жараёнда хотин-қизларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.

Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Омбудсман Феруза Эшматова қатнашчиларни Халқаро аёл судьялар куни билан муборакбод этди.

Анжуман доирасида одил судловни амалга оширишдаги самарали меҳнати учун 30 нафар аёл судья Олий суднинг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Судьялар олий кенгаши томонидан суд тизимида юксак обрў-эътибор қозонган 8 нафар аёл судьяга “Суд фахрийси” кўкрак нишони ва 5 нафар аёл судьяга эсдалик совғаси топширилди.

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова ва Сербиядан ташриф буюрган аёл судьялар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Конференцияда аёлларнинг судьялик касбига эришиш имкониятлари масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, таълим, малака ошириш ва номзодларни тайёрлаш, ихтисослашган таълимга оид масалалар муҳокама этилди.

Тадбирда иштирокчилар алоҳида суд тизимлари мисолида гендер тенгликнинг халқаро стандартларини татбиқ этиш муаммоларини муҳокама қилиб, гендер стандартларини қўллаш бўйича ўзларининг миллий тажрибалари, бу борада мавжуд муаммолар ва тавсиялар билан ўртоқлашди.

Конференция сўнгида муҳокама этилган масалалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Н.Абдураимова, ЎзА